Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги аҳолини рўйхатга олиш иштирокчиларини 2023-йилда асосий аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур картографик материаллар билан таъминлайди. Бунга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг, туман ва шаҳарлар маъмурий-ҳудудий хариталари, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва маҳаллаларнинг схематик режалари киритилган. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг ташкилий режаси ҳудудий комиссиялар томонидан туманлар, шаҳарлар ва вилоятлар бўйича алоҳида тузилади.
Рўйхатга олиш участкаларининг чегаралари ҳар бир рўйхатга олиш участкасига тўғри келадиган юклама ўртача 8 750 – 11 250 кишини ҳисобга олган ҳолда маъмурий-ҳудудий бўлиниш яхлитлигини сақлаш шарти билан белгиланади. Рўйхатга олиш участкалари ҳар бир инструкторга тўғри келадиган юкламани (қишлоқ жойларда ўртача 1 750 киши ва шаҳарларда ўртача 2 250 киши) ва аҳоли пунктидаги аҳоли зичлигини ҳисобга олган ҳолда инструкторлик участкаларига бўлинади. Инструкторлик участкалари ҳар бир рўйхатга олувчига тўғри келадиган юклама ўртача 350 – 450 кишидан келиб чиқиб ҳисоб участкаларига бўлинади. Ҳудудий комиссиялар ва республика комиссияси қарорига асосан бориш қийин бўлган ва олис ҳудудларда ҳисоб участкасидаги аҳолининг сони ўртача 250 нафардан иборат бўлиши мезон сифатида олинади. Айрим ҳолларда участкаларни тузишда рўйхатга олувчига тўғри келадиган ўртача юклама белгиланган нормалардан кам ёки кўп бўлиши мумкин. Ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкалари сонидан келиб чиқиб рўйхатга олиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар сони аниқланади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб қилинган ходимлар қуйидаги тоифалар бўйича жалб қилинади:
Республика комиссияси таркибига киритилган вазирлик ва идоралар, Қўмита марказий аппарати ҳамда Қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ходимлари, ҳудудий комиссиялар аъзолари, ҳудудий статистика бошқармалари ходимлари ҳамда шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш марказлари ходимлари, туман ва шаҳар статистика бўлимлари ходимлари ва шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган туман ва шаҳар рўйхатга олиш бўлимлари ҳамда рўйхатга олиш участкаси, инструкторлик ва ҳисоб участкалари ходимларидан иборатдир. Бундан ташқари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланма ва маълумотнома ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, аҳолини рўйхатга олишни молиявий ва моддий-техник таъминлашда ҳисоб-китобларни тайёрлаш учун қўшимча равишда шартнома асосида мутахассислар жалб қилиниши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳокимликлари аҳолини рўйхатга олиш учун жалб этиладиган шахсларни белгиланган талаблар асосида танлаб олади ва рўйхатини шакллантиради.
Рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш жараёнида Қўмитанинг ҳудудий статистика органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди шартли равишда уй-жой рўйхатини тузиш участкаларига бўлинади, бунда участка чегаралари ўртача 750 та уй-жойни қамраб олади. Уй-жойлар рўйхатини тузувчилар сонини шакллантиришда кўзда тутилмаган ҳолатларни (бетоблик, бахтсиз ҳодисалар, юклатилган вазифаларни тўлиқ бажармаслик ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда асосий таркибга қўшимча равишда иш ҳақи тўланмаган ҳолда 5 фоиз миқдорида захира кадрлар шакллантирилади.
Ҳар бир уй-жой рўйхатини тузиш участкаларига уй-жой рўйхатини тузувчилар бириктирилади. Уй-жой рўйхатини тузувчилар фаолиятини туман рўйхатга олиш бўлими бошлиғи назорат қилади. Уй-жой рўйхатини тузувчиларни статистика органлари, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари, кадастр идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари орасидан танлаб олиш туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудий статистика органлари билан биргаликда шартнома асосида амалга оширилади. Уй-жойлар рўйхатини тузувчилар 2022 йил 1 августдан 1 сентабргача бўлган даврда махсус ўқитилади ҳамда бино ва уй-жойлар рўйхатини тузиш учун жалб этилади.
Уй-жой рўйхатини тузувчилар ўз участкасини хатловдан ўтказиш давомида респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) ёки яшаши мумкин бўлган барча бинолар рўйхатини аниқлайди, картографик материалларни текширади, уларга тегишли белги қўяди ва зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритиш учун кадастр идораларига тақдим этади.
Алишер Абдураззақов
Статистика бошқармаси бўлим бошлиғи
Post Comment