Соғлиқни сақлаш тизимига қарашли ва хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳоли (истеъмолчилар)га кўрсатилаётган хизматлар ўрганилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган режага кўра, танлама асосда, соғлиқни сақлаш тизимига қарашли ва хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига (истеъмолчиларга) кўрсатилаётган хизматлар сифати, яратилган шароитлар, санитария-гигиена талабларига риоя қилиниши ҳолатларини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ўтказилди.
Ушбу йўналишдаги ўрганиш ишларида асосий эътибор койкали (беморлар ётиб даволанувчи) тиббиёт муассаларига қаратилиб, танлама асосда ўрганилган 67 та муассасанинг 44 таси давлат, 23 таси хусусий шифохоналардан иборат бўлди. Муассаларнинг лойиҳа қуввати жами 3095 та беморга мўлжалланган бўлиб, ўрганиш вақтида ҳақиқатда 3052 та койка қуввати билан, 2359 та беморга тиббий хизматлар кўрсатилаётгани кузатилди.
Ўрганишда хизмат кўрсатувчининг тўлиқ номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шартлиги ва бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозимлиги талаби 9 та муассасаларда, истеъмолчилар танишиши учун қулай жойларга ўз соҳасига оид хизмат кўрсатиш қоидаларидан кўчирмалар, лицензияланадиган фаолият турлари бўйича лицензиялардан нусхалар ахборот ёки истеъмолчи бурчагига қўйилиши лозимлиги талаби 19 та муассасаларда ва ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот берилиши шартлиги бўйича талаблар 19 та муассасаларда ижроси қисман таъминланиши ёки таъминланмаслик ҳолатлари кузатилди.
Беморларни тиббиёт муассасаси томонидан махсус кўрпа-тўшаклар билан таъминлаш чоралари кўрилаётган бўлсада, аксарият шифохоналарда беморлар уй кийимида даволанмоқда. 6 та муассасада беморлар ётадиган хоналардаги мебелларнинг айримлари таъмирталаб ҳолатга келиб қолган, 1 тасида эса мебеллар талабга жавоб бермайдиган ҳолатга келиб қолган. Тиббиёт муассасаларидан 3 тасидаги беморлар ётадиган хоналар ҳароратини куннинг иссиқ ва совуқ мавсумларида мўътадил ушлаб туриш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ҳам талаб даражасида деб бўлмайди. Муассасаларнинг 2 тасида кутиш заллари ташкил қилинмаган, 4 тасидаги кутиш заллари сиғими ва улардаги мебеллар ҳолати талабга жавоб бермайди. Ўрганилган шифохоналарнинг 16 тасида беморларни кўришга келганлар учун алоҳида, махсус халатлар ажратилмаган. Буларнинг 7 таси давлат, 9 таси хусусий шифохоналардир. Даволаш харажатларини тўлиғича беморлар ҳисобидан ундириб оладиган хусусий шифохоналарда бу борада камчиликларни юзага келиши ачинарли ҳолат ҳисобланади.
Истеъмолчида харид қилинаётган товар (иш, хизмат)нинг сифати, вазни, бутлиги ва нархини текшириб олиш ҳуқуқи мавжудлигидан келиб чиқиб, муассасаларда фойдаланишда бўлган тиббий ва диагностик асбоб-ускуналарнинг тегишли ҳужжатлари мавжудлиги сўраб кўрилганда, уларнинг 7 таси томонидан бундай ҳужжатларни тақдим қила олмаганлар.
Фойдаланишда бўлган асбоб-ускуналарнинг тўғри ишлаётганлигини тасдиқловчи давлат қиёслов кўригидан ўтганлиги тўгрисида ҳужжати мавжудлиги кўрилганда, улардан 8 тасида ушбу ҳужжатларнинг мавжудлиги, лекин тўлиқ эмаслиги, 4 тасида эса мавжуд эмаслиги қайд қилинган.
Муассасаларнинг 4 тасида хизматлардан фойдаланувчиларга тўловларни тўлашда, ўз танлови асосида, нақд пулда ёки нақдсиз тўланганда тўловларни қонуний қайд қилиниши ускуналари (ҳам НКМ, ҳам тўлов терминали)нинг бўлиши лозимлиги юзасидан талаблар тўлиқ бажарилмаганлиги, 61 % муассасаларда хизматлардан бепул ёки имтиёзли шартларда фойдаланувчилар тоифаси ҳақидаги маълумотлар тўловларни амалга ошириш жойларидаги истеъмолчилар танишиши учун қулай жойларга қўйилмаганлиги, 2 та тиббиёт муассасасида тўловлар амалга оширилганда тегишли ускуналар (НКМ, тўлов терминали) мавжуд бўлгани ҳолда, улардан фойдаланмаслик ҳолатлари, 12 та тиббиёт муассасасида эса товар (иш, хизмат)ларга тўловларни амалга ошириш учун CLICK воситасидан фойдаланиш ҳолатлари мавжудлиги кузатилган.
Шунингдек, муассасаларнинг 8 тасида умумий санитария-гигиена ҳолатлари, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетилиши, бино, иншоотлар, фойдаланишдаги асбоб ускуна ва жихозлар билан боғлиқ бошқа хавф-хатарлар, тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш талабларига риоя қилмаслик, ёнғин хавфсизлиги талабларини бажарилмаганлиги, ошхона чиқиндилари (турли ёғлар ва б.)ни филтрлашдан ўтказилмасдан оқова сувларига ёки канализация тармоғига ташланиши каби салбий ҳолатлардан бир ёки бир нечтаси кузатилган.
Ўрганилган тиббиёт муассасаларида истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш ҳолатлари қайд қилинмаган.
Post Comment