Нотўғри маълумот ортидан истеъмолчига моддий зарар етказилишини олди олинди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Бувайда туманида яшовчи М.У.нинг, харид амалга оширилган жойнинг ҳудудий тегишлилиги бўйича, савдо дўконидан сотиб олинган телефон аппарати билан боғлиқ муаммо юзасидан қилган ёзма мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда баён қилинишича, истеъмолчи жорий йилнинг март ойида Фарғона шаҳрида фаолият олиб борувчи якка тартибдаги тадбиркор А.А.Б.га қарашли савдо дўконидан Samsung Galaxy A73 256 gB русумли мобил қурилмани 4 млн 600 минг сўмга харид қилади. Олди-сотди жараёнида сотувчи мазкур қурилма янгилиги, истеъмолда бўлмаганлиги, ҳеч қандай нуқсонлари йўқлигини айтиб харидорни ишонтиради. Лекин мобил қурилма уйга олиб келиниб, фойдаланиш жараёнида, WiFi тармоғи воситасида интернетга уланганида телефон шаҳардаги “Замин” кредит савдо дўкони томонидан бошқа бир фуқаро номига расмийлаштирилганлиги маълум бўлади. Сотувчига учрашиб бу ҳақда айтганида, бемалол ишлатиб юравериши мумкинлиги, телефон бошқа шахс номига кредитга расмийлаштирилмаганлиги ва бу билан боғлиқ ҳеч қандай муаммолар бўлмаслиги юзасидан қоп-қоп ваъдалар билан ортга қайтарилган. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан мобил қурилма “Замин” кредит савдо дўкони томонидан блок ҳолатига туширилади ва ишламай қолади.
Истеъмолчи, ҳатто, ўз кучи билан сўраб суриштириб, мобил қурилма Қувасой шаҳрилик фуқаро М.А.Х. номига кредитга расмийлаштирилганлигини, унинг томонидан тўловлар вақтида тўлаб турилмаса, телефон блокка тушиб қолаверишини ҳам аниқлайди. Фуқаро билан боғланиб, унга мазкур кредит дўконидан харид қилинган товар (товарлар) учун тўловларни ўз вақтида тўлаб туришини, бўлмаса унинг телефони блокка тушиб қолаверишини ҳам тушунтиради. Унинг саъй-ҳаракатларига “мукофот тариқасида” шу сафар блокдан ечиб берилган телефон эса май ойига ўтиб яна блок ҳолатига тушади…
Мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчига юқоридаги ҳолат амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, истеъмолчига нотўғри маълумот берилиши билан зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлганлиги, бу ҳолатда эса истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли эканлиги тушунтирилди. Ўрганиш давомида сотувчи ҳамда истеъмолчи ўртасидаги музокаралар натижаси билан ушбу ҳолатда шартномани бекор қилиш эмас, балки “нуқсонли” телефонни янги ва мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиши бўйича келишувга эришилди.
Усмонжон Рузиев
Фарғона шаҳар жамияти мутахассиси
Post Comment