Ҳар нарсада меъёр керак
Зулайҳо опа яқиндагина узатган қизи Нигоранинг қўнғироғидан сўнг ҳаловатини йўқотди. “Бу яна нимаси бўлди. Ахир 4 та ҳайҳотдек уйни мебелу гиламлар, парда-ю турли жиҳозлар билан безаб берганимизга кўп бўлмади-ку. Энди куёвнинг туғилган кунига музлаткич?!…”, – дея ўйлаб ўйига етолмасди.
Уй-жойимни яхшилайман, қизларимни бекаму-кўст узатаман, деб салкам уч йилдан бери Россиядан келолмаётган эрига бу машмашани қандай қилиб етказишга боши қотди. Бир неча бор Россияга сим қоқишга шайланди. Лекин юраги дов бермади. Чунки эри бир неча кун аввал телефонда “Тез-тез мазам қочяпти. Мен ҳам одамларга ўхшаб ўз уйимда оёғимни узатиб ётсам дейман”, -деганди.
Қизи эса “Ойижон, қудангиз ўғлимнинг туғилган кунига онангиз музлаткич олиб кела қолсин”, деган гапида туриб олган. Билмадим, бу гапни бир кунда неча марта қайтаради. Сизга қийинлигини биламан. Лекин… Бир иложини қилмасангиз бўлмайди, шекилли”, – деб икки оёғини бир этикка тиқаяпти.
Алламаҳалгача нима қилишни билмай қийналган Зулайҳо опа охири бир қарорга келди. Эртага эрига телефон қилиб, бор гапни айтади. Эрига айтмаса, кимга ҳам айтади, дардини. Қариндош-уруғлари, туғишганларининг дарду ташвишлари ўзларига етарли. Бири қиз узатган, бири келин туширган, яна бири набирасига ҳатна тўйи қилган. Ахир турмуш ўртоғи учала қизини одамлардан кам қилмай узатди. Энди битта музлаткич нима бўлибди. Садқаи қизининг кўз ёши. Дадаси яна уч-тўрт ой ишласа ҳаммаси бўлади.
Зулайҳо опа қароридан бироз енгиллиб, дам олиш учун ётоғига кирди. Тезда кўзи илинди-ю туш кўрди. Тушида турмуш ўртоғи кимсасиз ўрмонда ҳамма ёғи қип-қизил қонга беланган ҳолда мажолсиз ётган эмиш. У овози борича кимнидир чақирмоқчи бўларкану овози чиқмасмиш. Қўлини кимгадир узатмоқчи бўлармишу ҳеч ким унинг қўлидан тутмас эмиш. Шу пайт Зулайҳо опа нажот излаётган эрининг ёнида пайдо бўлиб унинг қўлларидан тутмоқчи бўлибди. Лекин эри бир зумда ернинг қаърига кириб кетибди. Зулайҳо опа тушидан қўрқиб кетганидан сапчиб ўрнидан турди-да, телефонини излай бошлади. Телефонни топиб олиб соатини кўрди. Соат тонгги олтига яқинлашибди. Тезда эрининг рақамини териб қулоғига тутди. Бир зумда чақириқ кетди. Лекин у томондан жавоб келмади. Қайтиб яна терди. Ҳамон жавоб бўлмади. Зулайҳо опанинг оёқ қўли қалтираб, юрагига ғулғула тушди. Ахир эри телефонни бир мартадаёқ кўтарар эди. Унинг юраги баттар сиқилиб, ташқарига чиқди. Шу чоғ телефон жиринглади. Гўёки қинидан чиқаёзган юрагини ушлаб “Худога шукур, хўжайиним қайтаряпти”, – деб ичкарига югургилади. Телефонни кўтарган эди, нотаниш киши “Сиз Толиб аканинг рафиқасисиз-а. Мен уста билан бирга ишлаб, бир квартирада яшайман. Кечқурун устанинг тоби қочиб қолди. Ҳозир касалхонадамиз. Кейинроқ телефонлашармиз”, – дея узр сўради.
Зулайҳо опа қулоқларига ишонмай, карахт бўлиб турганида яна телефон жиринглади. У “Э худойим, ишқилиб тинчлик бўлсин-да”, – деб шоша-пиша телефонни кўтарди. Нариги томондан қизининг “Ойижон, музлаткичнинг пулини бераверар экансиз. Уч ярим миллион. Куёвингиз …”, – деб гапини тугатмасидан Зулайҳо опа телефонни ўчирди ва ташқарига қараб улоқтирганича уйни бошига кўтариб “дод” солиб йиғлай бошлади …
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,
Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси
Post Comment