Ҳудудий бирлашма томонидан онлайн шаклда брифинг ўтказилди

Ҳудудий бирлашма томонидан онлайн шаклда брифинг ўтказилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси Ахборот хизмати раҳбари Ғ.Маматқуловнинг брифингдаги маърузаси:

Ассалому алайкум ҳурматли брифинг иштирокчилари!

Бугун сизлар билан “Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни”да учрашиб турибмиз. Авваламбор барчангизни бутун дунё аҳолиси учун аҳамиятли бўлган мана шундай кун билан қутлашга ижозат бергайсиз.

XIX аср охирлари ва XX асрнинг 60-йилларига қадар аввал Америка Қўшма Штатларида, сўнгра Европа давлатларида “Консюмеризм”, яъни “истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатлари” вужудга келди. Буларга АҚШда XIX асрнинг 60-80 йилларида темир йўл компаниялари йўловчи ва юк ташиш хизматлари нархларини кескин ошириб юборилишидан норозиликлар бўйича ҳаракатларни, ХХ аср бошларида эса озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифати устидан назорат тўғрисидаги қонунчилик атрофида тортишувлар натижасида вужудга келган ҳаракатларни, ХХ аср ўрталаридаги товарларининг сифати, рекламасининг хаққонийлиги, ишлаб чиқаришда экологик холат хавфсизлиги бўйича дунёга келган ҳаракатларни ва фуқаролик жамияти институтларининг бошқа бир қатор ҳатти-ҳаракатларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Айниқса, 1961 йилнинг 15 мартида АҚШ президенти Жон Кеннеди томонидан «Истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида йўллаган махсус йўлланмаси»дан сўнг истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатлари билан боғлиқ масалаларни давлатлар даражасида тан олиниши ва бу борадаги алоҳида қонунлар қабул қилинишига замин яратиб берди. Кейинчалик, масаланинг муҳимлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳам эътироф этилиб, айнан 15 мартни «Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни» деб эътироф этилди.

Мамлакатимизда ҳам мустақилликнинг илк йилларида, яъни 1996 йилнинг 26 апрелида бу борада алоҳида қонун қабул қилинди. Қонуннинг 4-моддаси билан мамлакатимиз истеъмолчиларига белгилаб берилган асосий ҳуқуқлардан бири, яъни истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ташаббускор фуқаролар гуруҳлари томонидан аввал истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари, 2002 йилга келиб эса уларнинг негизида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вужудга келди. Бугунги кунда республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фаолият кўрсатмоқда, уларниг фаолияти эса вилоятларда ҳудудий бирлашмалар томонидан мувофиқлаштирилиб борилмоқда.

Шу ўринда Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмамиз ва унинг қуйи тузилмалари ҳисобланган туман (шаҳар) жамиятлари томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилдаги айрим режалар хусусида сизлар билан ўртоқлашсам.

Ўтган йил бошида маҳалла фуқаролар йиғинларида, таълим муассасаларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг “Таянч гуруҳ”ларини ташкил этиш чораларини кўриш мақсадида ҳудудий бирлашма томонидан “Тарғибот ойлигини ўтказиш тўғрисида” ҳамда “Таянч гуруҳлари билан ишлаш ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги алоҳида буйруқлари ишлаб чиқилди.

Бунинг натижасида тизим ташкилотлари томонидан йил давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалдаги қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида вилоятдаги Федерациянинг таянч гуруҳлари ташкилланган ва ташкилланмаган 830 га яқин корхона, ташкилот, идора ва муассасаларда давра суҳбатлари, ўқув семинарлари тарзидаги маънавий-маърифий тадбирлар ташкилланди.

Ўтказилган тадбирлар тўғрисида марказий ва маҳаллий газеталар, радио ва телевидениелар, шунингдек федерация ва ҳудудий бирлашманинг расмий сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар ва каналлар орқали ахборот материаллари бериб борилди.

Бу борада ҳудудимиздаги Фарғона вилоят телерадиокомпанияси, “Рухсор” телерадиокомпанияси, “Тохир Бағдод” ва “Мулоқот” телевидениелари билан яқиндан ҳамкорлик олиб борилмоқда. Фарғона радиоси билан эса “Farg`ona FM javob beradi” ва “Istemolchi huquqi” лойиҳалари доирасидаги ҳамкорлик давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг www.istemol.uz веб-сайтига киритиш учун турли мавзулардаги материаллар тақдим қилиб борилди. Шунинг билан биргаликда, ҳудудий бирлашманинг www.istemolchi-info.uz веб-сайтига ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятлари томонидан ўтказилаётган тадбирлар, истеъмолчилар мурожаатларини ҳал этилиши натижалари бўйича ахборот материаллари қўйиб борилди.

Ҳудудий бирлашманинг телеграмдаги istemolchiinfouz расмий канали, Facebook даги Fargona istemolchi-info ва Instagram даги istemolchi-info расмий саҳифаларига мунтазам равишда фаолиятга оид янгиликлар қўйиб борилди.
Youtube даги istemolchi-info каналига ташкил этилган вақтидан бошлаб шу кунга қадар 170 га яқин видеоматериаллар жойлаштирилди.

Ўтган йили март ойида “Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб Федерация тизимида меҳнат фаолияти олиб бораётган ходимлар ҳамда Федерация фаоллари ўртасида “Брейн-ринг” интеллектуал ўйини ўтказилди. Шунингдек, қонун ижросини таъминлаш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланувчи Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда спорт мусобақаларини ҳам ташкилладик.

Апрел ойида ҳудудий бирлашма ташаббуси билан амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 25 йил тўлиши муносабати билан Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйида алоҳида тадбир ўтказилиб, унда соҳага оид ишларни кенг ёритишда фаоллик кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари вакилларидан бир нечаси тақдирланди.

Июн-июл ойларида Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни асосида Марказий банк вилоят бош бошқармаси, сўнгра “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиаллари масъуллари иштирокида жамоатчилик эшитувларини ўтказдик.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан, фаолиятида эришаётган ютуқларини инобатга олган ҳолда ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятлари тизимида меҳнат фаолияти олиб бораётган 8 нафар ходимлар мустақиллик байрами арафасида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирландилар.

Федерация Кенгаши томонидан берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, сентябр ойи давомида туман (шаҳар) жамиятлари фаолларининг умумий йиғилишлари ўтказилиб, уларда вилоят ҳудудий бирлашмасининг навбатдаги ҳисобот конференциясига вакиллар сайланди.

Октябр ойининг иккинчи кунлигида ҳудудий бирлашманинг навбатдаги ҳисобот конференцияси ўтказилди ҳамда унда тизим фаолиятига тааллуқли бўлган ҳамда Конференция ваколатига кирувчи бир қатор масалалар кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ноябрь ойининг 12-санасида Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг навбатдаги ҳисобот конференцияси доирасида Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ва туман (шаҳар) жамиятларида узоқ вақтлардан буён самарали меҳнат фаолияти олиб бораётган 58 нафар ходимлар Федерациянинг “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, вилоятимиз вакиллари ўтган йилнинг ноябр ойида Федерация ташаббуси билан Халқаро истеъмолчилар ташкилоти, Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси, “Юксалиш” умумиллий ҳаракати ҳамкорлигида Хоразм вилоятининг Хива ва Урганч шаҳарларида туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари юзасидан ўтказилган “Сайёҳ-2021” халқаро форумида ҳам фаол иштирок этдилар.

Ўтган йилнинг ноябр-декабр ҳамда жорий йилнинг январ ойларида Фарғона вилоят суди билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар ўтказилди. Тадбирлар доирасида асосий эътибор ходимларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини судгача ва суд жараёнларида ҳимоя қилиш масалаларидаги билим ва малакаларини оширишга қаратилди.

Бундан ташқари, йил давомида ходимларнинг касбий билим ва малакасини ошириб бориш мақсадида ҳуқуқий ҳимоя, мониторинг, матбуот ва ахборот йўналишлари бўйича меҳнат фоалияти олиб бораётган ходимларга соҳа бўйича етук мутахассисларни таклиф қилган ҳолда ўқув машғулотлари ва мастер класслар ўтказиб борилди ва бу ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда. Ўз ўрнида мазкур ишларда яқиндан ҳамкорлик олиб бораётган адлия, солиқ, монополияга қарши курашиш, марказий банк, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари, Федерация муассислигидаги “Истеъмол маданияти” газетаси, Фарғона вилоят телерадиокомпанияси, “Фарғона ҳақиқати” газетаси, нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси вилоят бўлими, Элержон Эксанов, Ботир Омон, Иқболжон Абдужабборов, Тимур Юлдашев, Биродар Мирзаев ва бошқа шу каби ўз касбининг усталарига миннатдорчилик изхор қиламиз.

Истеъмолчилар билан доимий алоқани таъминлаш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиб олиш ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида Федерациянинг istemol.uz расмий сайтидаги вертуал қабулхона, республика бўйича ягона 1091 қисқа рақамли ишонч телефони, телеграм мессенжеридаги PotrebitelUz_bot телеграм ботлари. ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларида хизмат телефонлари ишлаб турибди.

Биргина ўтган йил мобайнида ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратларига тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Президентга мурожаат портали”,  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ишонч телефони, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ягона ишонч телефони ва телеграм боти орқали 259 та, ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларига фуқаролардан тўғридан-тўғри ёзма, оғзаки ва электрон шаклларда 643 та, жами 902 та мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларни ўрганиб чиқилиши натижаларига кўра истеъмолчилар фойдасига 901 млн 494 минг сўмдан ортиқ маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.

Тизимда ташкил қилинган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари томонидан 345 нафар истеъмолчиларга коммунал хўжалик, савдо, соғлиқни сақлаш, электр, газ ва сув таъминоти, алоқа, транспорт ва бошқа масалалар бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлигида ўтказиб бориладиган тизим раҳбарларининг аҳоли билан мулоқот кунлари доирасида 630 нафар аҳоли вакилларига уй-жой коммунал, савдо, соғликни сақлаш, алоқа хизматлари, транспорт, сервис хизмати кўрсатиш, таълим соҳаси ва бошқа соҳалар бўйича билдирилган муаммо, камчилик ёки таклифлари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар ва амалий ёрдамлар кўрсатилиб, шулардан 185 таси тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилди.

Федерация топшириқлари асосида ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг зарур сифатини ва хавфсизлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа талабларини таъминланишини ўрганиш бўйича 14 та мониторинг кузатувлари ўтказилиб, улар бўйича умумлаштирилган маълумотлар Федерация марказий аппаратига тақдим қилинди.

Барчангизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тасдиқланди. Жорий йилда биз Федерация Устави билан белгилаб берилган вазифалар, шунингдек жорий йил учун ишлаб чиқилган асосий фаолият йўналишлари режалари ижросини таъминлаш баробарида, Тараққиёт стратегиясининг тегишли мақсадлари ижросини таъминлашда давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари билан Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий шериклик ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйяпмиз. Жумладан, шу кунга қадар вилоят ҳокимлигининг туризм ва спорт масалалари комплекси билан, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими бошқармалари билан Тараққиёт стратегиясининг тегишли мақсадлари бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиб ижрога қаратдик. Ҳозирда соҳага дахлдор бошқа бошқарамалар билан ҳам ҳамкорликдаги дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад эса аҳолимизнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бўйича ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари иштироки даражасини ошириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш ва ҳал этилишида самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, оқибатда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ишларини сон ва сифат жиҳатидан юқорироқ даражага кўтаришдан иборатдир.

Сўзимнинг ниҳоясида аҳолимизни, корхона, ташкилот, идора ва муассаларда меҳнат фаолияти олиб бораётган ишчи хизматчиларни истеъмолчилик соҳасига оид муаммоларга дуч келганда, сизнинг мурожаатларингизни қабул қилиб, ўрганиб чиқиш, сизларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш борасида Федерация томонидан яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишга ва юртимизнинг истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатида фаол иштирок этишга чақириб қоламан.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

Post Comment