Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болажонларга умумий таълим бериш ишлари қай аҳволда?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Демак, бундан келиб чиқилса, умумтаълим мактабларида таълим олаётган жисмонан соғлом ўғил ва қизлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлган, лекин жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болаларга ҳам давлат томонидан уларнинг таълим олиш борасидаги конституцион ҳуқуқлари таъминлаб берилиши шарт. Федерация томонидан ўтказилаётган ўрганишларнинг мақсади ана шундай тоифадаги болажонларга умумий таълим берилишини жамоатчилик назорати тартибида ўрганишдан ўтказишдан иборатдир.
Эътироф этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йилнинг 12 октябрида “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 638-сон қарор қабул қилинган.
Мазкур қарор билан “Умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом”, “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низом”, “Санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари тўғрисидаги низом”, “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш тартиби тўғрисидаги низом”, “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида касбга ўқитиш курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом” ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар тасдиқланган.
“Умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом” алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг бошқа (соғлом) болалар билан тенг ҳуқуқли ва биргаликдаги таълим олишларига шароит яратиб беришни кўзда тутса, “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низом” алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим беришни кўзда тутади ҳамда бу борадаги тартиб-қоидаларни белгилаб беради.
Даволаниш, соғломлаштиришга муҳтож болаларга уларнинг билим олиш имкониятларига мувофиқ равишда умумий ўрта маълумотга эга бўлиш ва тарбия олишида ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган таълим муассалари “Санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари тўғрисида низом” асосида иш олиб борса, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг уйда якка тартибда таълим олишларини ташкил этиш “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш тартиби тўғрисидаги низом” билан тартибга солинган.
Шунингдек, давлатимиз томонидан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болажонлар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида уларни муайян касбларга ўқитиш курслари ташкилланади ва бу ишларни ташкиллаш 638-сон қарорнинг 6-иловасидаги Низом билан тартибга солинади. Мазкур ўқув курслари алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган болаларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашишни кўзда тутади. Ушбу курсларда таълим олган ўқувчилар ўзларининг қизиқиши, қобилияти ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ошпазлик, новвойлик, пазандачилик, тикувчилик, сартарошлик, фотографлик, косибчилик, мусиқа асбобларини таъмирловчи уста ва бошқа бир қатор касбларни эгаллашлари мумкин бўлади.
Юқоридагиларни асос қилган ҳамда истеъмолчилар муайян доираси (ушбу ўринда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болажонлар)нинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб, Федерация топшириғи асосида, жойларда юқорида номлари зикр этилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси қай даражада таъминланаётганлиги бўйича жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар ўтказилмоқда. Ўрганиш натижалари юзасидан тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларига мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар киритиш режалаштирилган.
Агар Сизда бу борада муаммолар, мурожаатлар ҳамда таклифлар бўлса, жорий йилнинг 25 апрелига қадар Федерациянинг istemol.uz сайтидаги вертуал қабулхонага, республика бўйича ягона 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига ёки телеграм мессенжеридаги махсус бот (PotrebitelUz_bot)га юборишингиз мақсадга мувофиқ бўлишини ҳам эслатиб ўтамиз.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Сурат манбаси: borgenmagazine.com
1 comment